2020 YIL 29 Oktabr
 
 
 
KARTOGRAFIYA ILMIY-ISHLAB CHIQARISH DAVLAT KORHONASI
Sayt bo´yicha qidirish
 
Ўзбекистон ва Туркия раҳбарларининг телефон орқали мулоқоти
2020-04-22 12:00:00

22 апрель куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари муборак Рамазон ойи бошланиши муносабати билан самимий қутловлар алмашиб, бир-бирлари ва биродар халқларимизга сиҳат-саломатлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Ўзбекистон Президенти ҳамкасби ва дўст Туркия халқини ушбу мамлакатда кенг нишонланадиган давлат байрами – Миллий суверенитет ва болалар куни билан ҳам табриклади. 

Мулоқотда Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған янги глобал хатар – коронавирус инфекциясининг шиддатли тарқалишига қарши курашишда яқиндан ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида тўхталдилар.

Хусусан, томонлар мамлакатларимизда пандемияга қарши кураш, шунингдек, ушбу хавфли касаллик оқибатларининг амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий янгиланишларга ва инқирозга қарши қабул қилинаётган чоралар самарадорлигига салбий таъсирини олдини олиш борасида кўрилаётган қатъий чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватладилар.

Давлат раҳбарлари 10 апрель куни коронавирусга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масалаларига бағишлаб видеоанжуман тарзида ўтказилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши навбатдан ташқари саммитининг самарали натижаларини юксак баҳоладилар.

Жумладан, эришилган келишувларга мувофиқ, амалий тажриба алмашиш ва юзага келаётган масалаларни тезкор ҳал қилиш учун ўзаро мувофиқлашган тарзда ишлаш мақсадида яқин кунларда Туркий кенгаш мамлакатлари соғлиқни сақлаш ва транспорт вазирликлари раҳбарларининг туркум онлайн-учрашувлари бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ва Туркия Президентлари икки томонлама муносабатларни батафсил муҳокама қилдилар. Жорий йил февраль ойида Анқара шаҳрида ўтган Стратегик ҳамкорлик кенгаши биринчи мажлиси якунида қабул қилинган қарорларни ўз вақтида амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзаро савдода ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, икки мамлакатнинг етакчи компания ва корхоналари иштирокидаги, биринчи навбатда, инновация, энергетика, транспорт, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги устувор инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва жадаллаштириш борасида ҳукуматлар даражасида чоралар кўриш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Шу мақсадда Ҳукуматлараро қўшма комиссия ҳамраислари, Ўзбекистон ва Туркия ваколатли вазирлик ва идоралари раҳбарларининг икки томонлама маслаҳатлашувларини мунтазам ўтказиб боришга келишиб олинди.

Суҳбатда минтақавий ҳамкорлик ва халқаро сиёсатга доир қатор долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

www.president.uz